Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президенти Жавдат Йилмазни қабул қилди. Йилмаз Сенат раиси Танзила Норбоева ҳамда иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров билан ҳам музокаралар ўтказди.
Anorbank ҳамда Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси Ўзбекистонда биринчи Ислом банкини ташкил этиш лойиҳасини ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олди.
2024 йил январь-март ойларида Ўзбекистонда қарийб 48,6 мингта никоҳ қайд этилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 900 тага кам. Никоҳларда аёлларнинг ўртача ёши 23,3 ёшни, эркакларнинг ўртача ёши эса 28,2 ёшни ташкил этди. Никоҳдан ажралишлар сони 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга кўпайган.
Ўзбекистон президенти Рамазон ҳайити арафасида 426 нафар маҳбусни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганларнинг 135 нафари асосий жазодан тўлиқ, 200 нафари шартли озод этилди. Улар орасида 11 нафар хорижлик ва 3 нафар вояга етмаган шахслар бор.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 5 апрель куни ташриф билан Ўзбекистонга келди. Хива шаҳрида президентлар норасмий учрашув ўтказди. Музокараларда икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликдан ташқари, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашди.
Ислом тараққиёт банки 2024-2028 йилларда Ўзбекистоннинг Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида қишлоқлар инфратузилмасини яхшилашга 20 йил муддатга 260 млн долларлик имтиёзли қарз ажратади.
Шавкат Мирзиёев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч тузилмалари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда ИИВ ва Миллий гвардияга аҳоли гавжум жойларда содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни кўришни топширди.
Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз Ўзбекистонга ташриф буюриб, президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Арипов билан учрашди. Учрашувларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдонинг 10 фоизи ШУАР ҳиссасига тўғри келиши, ушбу ҳудуд билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳалари портфели 3,5 млрд долларни ташкил этиши маълум қилинди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов вазир этиб тайинланганидан буён илк бор Афғонистонга ташриф буюриб, “Толибон” ҳаракатининг бир қанча юқори мартабали амалдорлари билан музокаралар ўтказди. Томонлар ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, жумладан, иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш масалаларини кўриб чиқди.
Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси билан 100 млн долларлик «Муробаҳа» молиялаштириш битими ҳамда агентлик келишувини имзолади. Маблағ озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 24 ойгача бўлган муддатга икки траншда ажратилади.