Афғонистон биринчи марта Москва форматида тўлақонли аъзо сифатида иштирок этади
Кобулда Россия элчиси Дмитрий Жирнов Афғонистон Ислом Амирлиги ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий билан учрашди, дея хабар берди афғон матбуоти.
Қайд этилишича, Жирнов афғон делегациясининг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича Москва форматининг 7-мажлисида иштирок этишини маълум қилган. Бу Афғонистон учун ушбу форматда тўлақонли аъзо сифатида биринчи марта иштирок этиш бўлиб, мамлакатнинг дипломатик мавқеини мустаҳкамлайди, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2017 йилда ташкил этилган Москва формати Россия, Хитой, Покистон, Эрон, Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларини бирлаштириб, Афғонистондаги хавфсизлик, терроризмга қарши кураш ва сиёсий масалаларини муҳокама қилади.













