БМТнинг Инсонпарварлик ишларини мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) операциялар ва ҳимоя бўлими директори Эдем Восорнунинг маълум қилишича, Башар Асад режими ағдарилганидан сўнг мамлакат ичида кўчиб юрган ва қўшни давлатларда бўлган 1,5 миллиондан ортиқ суриялик ўз ҳудудларига қайтган.

Восорну БМТнинг Женевадаги идорасида ўтказилган ҳафтанинг навбатдаги матбуот анжуманида Суриядаги вазият ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, «Сурияда 16,5 миллион киши инсонпарварлик ёрдами ва ҳимояга муҳтож. Аҳоли ҳаракати ва кўчиш жараёнлари ҳали ҳам давом этмоқда».

Қийинчиликларга қарамай, инсонпарварлик операциялари давом этмоқда. Восорнунинг сўзларига кўра, БМТ ва ҳамкор ташкилотлар ҳар ой мамлакат ичи ва чегара ортидаги операциялар орқали ўртача 2,4 миллион одамга ёрдам кўрсатмоқда.

«АҚШнинг Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилиш қарори ва Европа Иттифоқининг яқинда иқтисодий жазоларни бекор қилиш ташаббуси мамлакатда барқарорлик, тикланиш ва ривожланишга замин яратади деган умиддамиз», деди у.

Восорнунинг аниқлик киритишича, 1 миллиондан зиёд суриялик мамлакат ичида ўз яшаш жойларига қайтган бўлса, қўшни давлатлардан ярим миллиондан ортиқ қочқин қайтган».

У шунингдек, жорий йил бошидан буён тахминан мингта ёрдам юкловчи юк машиналари Сурияга кириб келганини қайд этди ва бу жараёндаги ҳамкорлик учун ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.

Мавзуга алоқадор