Эрон энергетика хаосига тушиб қолди
Эронда юзага келган жиддий энергетика инқирози мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва минтақадаги сиёсий таъсирига таҳдид солмоқда. The New York Times газетасининг ёзишича, мамлакатда газ танқислигининг юзага келишига, асосан, кўп йиллик санкциялар, эскирган инфратузилма ва исрофгарчилик сабаб бўлган.
Газ танқислиги туфайли 17 та электр станцияси фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Натижада миллионлаб фуқаролар электр таъминотидаги узилишлардан азият чекмоқда, иситиш, транспорт тизимлари ва интернетга боғлиқ хизматлар ишлаши сусайган. Мактаблар, университетлар ва давлат идоралари қисқартирилган иш вақтига ўтди.
Ҳолат саноатдаги вазиятга ҳам кескин таъсир қилди. Қурилиш моллари ишлаб чиқариш тармоқларида иш ҳажми 30–50% га камайди. Йўқотишлар ўнлаб миллиард долларга баҳоланиб, мамлакат иқтисодиётига жиддий зарба берди. Бундан ташқари, риал пасайишда давом этиб, рекорд даражага етди.
Бироқ инқироз фақат ички муаммолар билан чекланмаган. Сурия ва Ливандаги мағлубиятлар ва Доналд Трамп даврида АҚШ томонидан кучайиб бораётган босим туфайли Эроннинг минтақавий таъсири сусаймоқда.













