Қандай қилиб АҚШдаги омбор муваффақиятли масжидга айланди?
Бу - Шимолий Каролина штатидаги Апекс шаҳри марказида жойлашган омборга ўхшаш йирик объект. Унинг исломий мақсадини кўрсатадиган ягона нарса - асосий кириш эшиги олдига илинган инглиз тилидаги "Апекс масжиди" деб ёзилган пешлавҳа.
Тахминан 14 йил олдин бино иккинчи фойдаланилган буюмлар сотиш бозори сифатида ишлатилган. Бироқ 2008 йилги молиявий инқироз эгасини бизнесни ёпишга ва бинони сотувга қўйишга мажбур қилди. Худди шу пайтда шаҳар мусулмонлари жамияти кўпайиб бораётган мусулмон оилаларининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида масжид учун жой қидириб юрганди. Чунки авваллари бир-бирларининг уйларида навбатида билан жамоат намоизларини ўқиб юрган мусулмонлар учун ортиқ хонадонлар торлиқ қилиб қолганди.
Масжид асосчиларидан бири ва Шимолий Каролинадаги мусулмонлар жамиятининг собиқ етакчиси Холид Шаҳу "Ал-Жазира" телеканалига берган интервьюсида масжидни яратиш жараёни, улар дуч келган қийинчиликлар ва масжид ҳозирда кўрсатаётган хизматлар сўзлаб берди.
Шаҳунинг айтишича, Апекс масжиди ушбу ҳудудда яшовчи, эзгулик ва жамиятга хизмат қилиш ғояси атрофида жамланган бир гуруҳ ёшларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида пайдо бўлган. Дастлаб, энг бошида улар уйларида навбатма-навбат намоз ўқиб, маърифий тадбирлар ўтказишар эди. Бироқ иштирокчилар сони кўпайиши билан янада кенгроқ биноларга эҳтиёж пайдо бўлди.
2006 йилдан мос жойни фаол қидириш бошланди. 2009 йилда узоқ қидирувлардан сўнг собиқ бозор биносини топишди. Аввалига бир неча миллион долларлик нарх ёрлиғи бино тўғри келмаслигини англатгандек бўлди, аммо улар эгаси билан бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича келишиб олишди. Бинони молиялаштириш ва мослаштириш учун бино эгасига шариат тамойилларига мувофиқ бўлган, фоизли банк кредитларини истисно қилувчи усул таклиф қилинди. Адвокат билан маслаҳатлашгандан сўнг, эгаси бинони бўлиб-бўлиб сотишга рози бўлди. Бу жараённи анча осонлаштирди.
Бундан ташқари, мулк аллақачон диний йиғилишлар учун мос жой сифатида рўйхатдан ўтказилган, бу эса қўшниларнинг розилигини олиш заруратини бартараф этди. Бино эгасининг кўмагида барча зарур таъмирлаш ишлари тезкорлик билан якунланиб, қонуний рухсатномалар олинди. 2009 йил май ойида масжид очилди.
Қийинчиликлар ва тўсиқлар
Асосий қийинчилик молиявий мажбуриятлар эди: бинони сотиб олиш 3,6 миллион долларга тушди, ойлик тўлов эса 20 000 долларни ташкил этди. Бундан ташқари, масжидни сақлаш ва тадбирларни ташкил қилиш учун ҳам маблағ талаб қилинарди.
Дастлаб жамоа кичик эди ва баъзи аъзолар бундай кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш мумкинлигига шубҳа қилишди. Шунга қарамай, жамият аъзоларининг бирдамлиги ва самимий фидойилиги туфайли лойиҳа муваффақиятли амалга ошди. «Нафис» жамғармаси ҳам молиявий ёрдам кўрсатди, бу эса қарзни 10 йилдан камроқ вақт ичида тўлиқ қоплаш имконини берди.
15 йиллик фаолияти давомида Апекс масжиди нафақат намоз ўқиладиган жой, балки ижтимоий ва маърифий фаолият марказига ҳам айланди. Мунтазам намоз ва жума хутбаларидан ташқари: мактабгача ёшдаги болалар учун "Ал-Манара" мактаби; Якшанба мактаби; Ёшлар маркази; Аёллар учун Қуръон ўрганиш дастури ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Масжид минтақадаги мусулмон ташкилотлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун Шимолий Каролина имомлар кенгашининг ташкил этилишида муҳим роль ўйнади.
Маҳаллий ҳамжамият билан алоқалар
Шаҳу мусулмон бўлмаган аҳоли билан алоқа ўрнатиш муҳимлигини таъкидлади. Масжидда “Очиқ эшиклар” каби тадбирлар ташкил этилиб, ахборот материаллари тарқатилмоқда, маҳаллий ҳокимликлар билан учрашувлар ўтказилиб, ёнғин хавфсизлиги бўлими билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Шу билан бирга, Шаҳу айниқса исломофобия кучайиб бораётган бир шароитда бу саъй-ҳаракатларни кучайтириш ва тизимлаштириш зарурлигини таъкидлади. Ўзликни сақлаш ва интеграция Қўшма Штатлардаги мусулмон жамияти олдидаги асосий муаммолардан бири: жамиятга бир вақтнинг ўзида интеграциялашган ҳолда ўзлигини сақлаб қолишга кучли эҳтиёж сезмоқда.












