2023 йил 15 апрелда бошланган ички фуқаролик урушдан деярли икки йил ўтган бўлса-да, Судан бугун тарихидаги энг оғир гуманитар инқирозни бошдан кечирмоқда. Аҳолининг ярми — 30 миллионга яқин киши — очарчилик хавфи остида қолмоқда.


Расмий маълумотларга кўра, камида 20 минг одам ҳалок бўлган. Бироқ, маллий манбалар қурбонлар сони бундан анча кўп экани таъкидланмоқда. Уруш туфайли 8 миллиондан ортиқ инсон ўз юртида кўчишга мажбур бўлган, яна 4 миллионга яқини эса қўшни давлатларга бош олиб кетди.


БМТ ўзининг расмий сайтида “мамлакат соғлиқни сақлаш тизими деярли бутунлай ишдан чиққан: касалхоналар ҳужумларга учраяпти, шифокорлар ва тиббиёт ходимлари оммавий тарзда мамлакатни тарк этмоқда”, дея маълумот берди. 


Очарчилик биринчи бор Шимолий Дарфурдаги Замзам лагерида қайд этилган бўлиб, бугунга келиб Дарфур ва Кордофан минтақаларидаги 10 та ҳудудга тарқалди. Вазият айниқса, 2024 йилнинг май ойидан бери қамалда қолган Ал-Фашир шаҳрида ниҳоятда оғир.


БМТнинг Жаҳон Озиқ-овқат Дастури (WФП) ҳар ойда 3 миллиондан ортиқ суданликка ёрдам кўрсатмоқда. Асосан рақамли пул ўтказмалари орқали ёрдам етказилмоқда, дейилади расмий хабарларда. Яқин олти ой ичида яна 7 миллион кишига ёрдам кўрсатиш учун 650 миллион доллар маблағ зарур.


Агар гуманитар ташкилотлар етарлича молиялаштирилмаса ва зарур ҳудудларга кириш имконияти таъминланмаса, урушнинг учинчи йилида яна ўн минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юмиши мумкин.




Мавзуга алоқадор