Хитой компанияси Тожикистонда МОдаги энг узун автомобиль кўпригини қуради
Хитойнинг Zhejiang Communications Construction Group Co компанияси Тожикистонда Марказий Осиёдаги энг узун автомобиль кўпригини қуради. Бу ҳақда Asia-Plus нашри хабар берди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 427,5 миллион юанни (тахминан 59,8 миллион доллар) ташкил этади.
Келишувга кўра, кўприк “Обигарм-Нуробод” автомобиль йўли лойиҳасининг учинчи босқичи доирасида қурилади. Кўприкнинг ўзи узунлиги 920 метрни, кириш йўллари билан эса 1,5 километрга етади.
Қурилиш 4 йил ичида маҳаллий ва хорижлик тажрибали мутахассислар иштирокида якунланиши, аммо, Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳимнинг таъкидлашича, ишларни муддатидан олдин якунлаш имконияти мавжуд.
Янги Обигарм-Нуробод йўли Роғун ГЭСи қурилиши доирасида сув остида қоладиган мавжуд автомобиль йўлига муқобил бўлади.
Zhejiang Communications Construction компанияси Тожикистонда бир неча йилдан буён фаолият юритаётгани, йўл ва кўприк қурилиши лойиҳаларини амалга оширишда катта тажрибага эга эканлиги таъкидланди.













