Қозоғистон 70 фоиз кўмирли ИЭС ва қозонхоналардан воз кечмоқчи
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Қозоғистон Энергетика вазирлиги республикага иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга ёрдам берадиган ўзаро англашув меморандумини имзолади, дея хабар беради ОТБ.
Бокуда бўлиб ўтган Иқлим ўзгари бўйича БМТ конференцияси СОP-29 доирасида имзоланган ҳужжатга кўра, ҳамкорлик кўмирли ИЭСлар фаолиятини тўхтатиш ёки уларни қайта тикланадиган манбалар ёки бошқа кам углеродли энергия технологияларига ўтказишга қаратилади.
Дастлаб кўмирда ишлайдиган ИЭС ва қозонхоналардан қайси бири муддатидан олдин фойдаланишдан чиқариш учун энг мос эканлигини аниқлаш мақсадида техник-иқтисодий асослаш ишлари олиб борилади.
“1,5 даража ҳароратда қолиш (қуйида тушунтирилган) қазиб олинувчи ёқилғидан имкон қадар тезроқ тоза энергияга ўтишни англатиб, ОТБ дастури буни ҳар бир мамлакатнинг энергия ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш эҳтиёжларига мослаштирилган тарзда амалга оширишга қаратилган. Осиё-Тинч океани минтақасининг иқлим банки сифатида биз Қозоғистонга ўз иқтисодиётини адолатли ва инклюзив тарзда карбонсизлантиришда ёрдам бериш вҳамд Марказий Осиёда тоза энергияга ўтиш жараёнини қандай тезлаштириш мумкинлигини кўрсатиш тарафдоримиз”, — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича диреткори Евгений Жуков.
Париж келишувига биноан, мамлакатлар ўртача глобал сирт ҳароратининг узоқ муддатли ўсишини саноатгача бўлган даражадан (1850-1900 йилларга кўра) 2 С дан паст ушлаб туриш учун иссиқхона газларининг глобал эмиссиясини сезиларли даражада камайтиришга ва буни чеклаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олган.
БМТ маълумотларига кўра, ўртача ҳароратнинг саноатгача бўлган даражадан 1,5 ° С дан юқори бўлиши илк бор 2015-2016 йилларда қайд этилган, бу ҳам техноген иқлим ўзгариши, ҳам кучли Эл Ниньо табиий ҳодисаси (Тинч океанининг экваториал қисмида сув юзаси ҳароратининг ўзгариши) сабаб бўлган. 2023 йил охири ва 2024 йил бошида ҳам ойлик ўртача глобал ҳарорат аномалиялари 1,5 С дан ошди. Ўртача ҳарорат 1,5 С дан ошадиган биринчи 12 ойлик давр 2023 йил февраль - 2024 йил январь ойларида содир бўлди.
ОТБ нафақат кўмир электр станцияларини қуриш лойиҳаларига, балки ўтиш даври сифатида қайта тикланадиган энергия манбаларини ва газ ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиб, атом электр станциялари қурилишига ҳам маблағ ажратади.
25 миллиард тонна кўмир захирасига эга Қозоғистон дунёда саккизинчи ўринда туради. Республикадаги барча электр энергиясининг 70 фоизга яқини арзон кўмир ёқиш ҳисобига ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, энергетика сектори, жумладан, иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш Қозоғистондаги барча иссиқхона газлари чиқиндиларининг 80 фоиздан ортиғини ташкил этади.
Қозоғистон ўзининг узоқ муддатли стратегиясининг бир қисми сифатида 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришишни режалаштирмоқда. Бунга қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 50 фоизга ошириш ҳисобига эришиш кутилмоқда – 2024 йил охирида бу кўрсаткич 6 фоизни ташкил этди.













