Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳкум фуқароларни бир-бирига топшириш бўйича келишувни расмийлаштирди. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 31 январь куни ушбу шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилди.

Шартнома 2024 йил 18 июлда Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Тошкентга ташрифи чоғида имзоланган. Ҳозирда Ўзбекистонда 45 нафар қирғизистонлик, Қирғизистонда эса 96 нафар ўзбекистонлик маҳкум жазо ўтамоқда.

Маҳкумлар “Дўстлик”/“Достук” чегара пункти орқали алмаштирилади. Ҳужжат маҳкумларни топшириш харажатларини қоплаш, низоларни ҳал қилиш механизми ва расмий мулоқот тилларини белгилайди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош прокуратуралари шартнома ижроси учун масъул ҳисобланади.

Депутатлар ушбу келишув маҳкумларни ижтимоий реабилитация қилиш, оилалари билан алоқаларини сақлаш ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун хизмат қилишини таъкидлади.

Қирғизистон парламенти – Жогорку Кенеш ҳам ушбу қонунни маъқуллаган. Агар Сенат ҳам ҳужжатни тасдиқласа, шартнома расман кучга киради.

Мавзуга алоқадор