Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
7 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Саудия Арабистони подшоҳлиги бош прокурори Шайх Сауд Абдуллоҳ Ал-Муажиб ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, мулоқотда томонлар ҳуқуқий ҳамкорлик масалалари, икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилган.
Учрашув якуни бўйича томонлар Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Саудия Арабистони прокуратураси ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Саудия ахборот агентлигининг хабар беришича, меморандум – терроризм ва уни молиялаштириш, ноқонуний даромадларни легаллаштириш, айниқса уюшган жиноятчиликка доир жиноятларнинг суриштирувлари борасида ҳамкорлик қилишга қаратилган. Шунингдек, келишувда ўзаро манфаатдор бўлган соҳаларда ахборотлар алмашинувига кўмаклашиш, ҳуқуқий соҳадаги тадқиқотлар ҳамда икки прокуратура органлари ўртасида илмий-амалий машғулотларни ташкил қилиш назарда тутилган.
«Ташриф мақсади Саудия Арабистони прокуратураси ва унинг ўзбекистонлик ҳамкасби ўртасидаги халқаро суд алоқаларини мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва илғор халқаро ҳуқуқий тажрибани илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришдан иборат», – дейилади хабарда.













