Ўзбекистонда 18 та янги энергетика иншооти ишга туширилди
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, энергия ишлаб чиқариш ҳажми янги лойиҳалар орқали қўшимча 9,5 миллиард киловатт соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Бу орқали йилига 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади.
Ҳар йили 4,6 миллион тонна зарарли газ чиқиндилари камайиб, атроф-муҳит муҳофаза қилинади.
4 миллион хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади, иқтисодиётга қўшилган қиймат эса 4 миллиард долларга ошади.
Ўзбекистон “яшил энергетика”га ўтиш йўлида муҳим қадамлар қўймоқда. Жумладан, 2025 йилгача 3,4 минг мегаватт қувватли қуёш ва шамол станциялари қурилади.
Илк бор Андижон ва Фарғона вилоятларида 300 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари барпо этилди.
Тармоқда “яшил энергия” улуши 16 фоизга етиб, йил охиригача 12 миллиард киловатт соат энергия ишлаб чиқарилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳалар хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётганини таъкидлади. Лойиҳаларда Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой ва Германия компаниялари иштирок этмоқда.
Шунингдек, Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки каби молия муассасаларининг қўллаб-қувватлаши катта аҳамият касб этмоқда.
2030 йилгача қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилади. 2 мингдан ортиқ микро ГЭС кичик ва ўрта тадбиркорлар иштирокида қурилади.
Электр энергияси улгуржи бозори яратилиб, давлат-хусусий шериклик асосида электр тармоқлари модернизация қилинади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ушбу лойиҳалар нафақат иқтисодиётни ривожлантириш, балки экологик барқарорлик ва жамиятнинг энергетикага бўлган эҳтиёжини қондириш йўлида муҳим аҳамиятга эга.
Президентнинг таъкидлашича, бу ишлар келажак авлодлар учун барқарор ва экологик тоза мамлакат яратишга қаратилган.













