Мубашшир Аҳмад домла Давлат хавфсизлик хизмати марказий тергов ҳибсхонаси (Гвардейский)да сақланаётгани аниқланди. Бугун, 2025 йилинг 20 май, сешанба куни уни фақат бир нафар яқини (укаси) билан кўришишга рухсат берилган. Укасининг гувоҳлик беришича, устоз Мубашшир Аҳмад терговчи ва бошқа мутасаддиларнинг муомаласидан шикоят қилмаганлар ва ўзларини қўллаб, дуолар қилиб турган барча-барча инсонлардан миннатдор эканларини билдирганлар.
Янги шартномада томонларнинг бир-бирларига қарши қаратилган ҳеч қандай блоклар ёки иттифоқларда қатнашмаслиги ҳамда томонлардан бирининг фикри бўйича икки давлатнинг стратегик шериклиги ва иттифоқчилик муносабатларига зарар етказадиган ҳар қандай ҳаракатларда иштирок этишдан сақланиш каби мажбуриятлари белгиланган
Хитойнинг Бугур шаҳрида “Ғарбий минтақалар губернатори қароргоҳи” номли музей очилди. Бу расмий Пекиннинг Шарқий Туркистонни босиб олинишини оқлашга қаратилган навбатдаги тарғибот воситаси ҳисобланади. Эътиборлиси, хитойлик тарғиботчилар музейнинг очилиши маросимида “Шарқий Туркистоннинг асрлар давомида хитойликларга тегишли экани” ҳақидаги асоссиз ғояларни илгари сурган.
Ўзбекистон 1 июндан Баҳрайн, Кувайт ва Ўмон фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этди. Шунингдек, мамлакатда ҳар ой 2-ҳафтасининг шанба ва якшанба кунлари «Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни» этиб белгиланди.
Рим Папаси Лев ХIV нинг расман лавозимга киришиш маросимида қатнашган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов уни табриклаб, президент Шавкат Мирзиёевнинг илиқ саломларини йўллаган. Ўз навбатида, янги Рим папаси Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига чуқур миннатдорлик билдирган.
Президент Шавкат Мирзиёев Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан 19 май куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Ташриф доирасида Будапешт шаҳрида олий даражадаги музокаралар, Венгриянинг расмийлари ва етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон етакчиси Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитида ҳам иштирок этади.
Россиянинг Липецк шаҳри суди 2024 йил октябрь ойида колониядан 30 метрлик туннель қазиб, қочишга муваффақ бўлган олти нафар маҳбусга ҳукм ўқиди. Уларнинг беш нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган. Қочқинлар Россия Жиноят кодексининг 313-моддаси ("Бир гуруҳ шахслар томонидан ҳибсхонадан қочиш") бўйича айбдор деб топилиб, 4,5 йилдан 12,5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Туркиянинг Испарта шаҳрида бўлиб ўтган ҳарбий мерганлар мусобақасида Ўзбекистон жамоаси олтин медални қўлга киритди. Ўзбек мерганлари ноаниқ масофаларга ноқулай истеҳкомдан, турли тўсиқлар ортидан, вертолёт ва қайиқдан жанговар ўқ отиш, 5 км масофадан юк ва қурол билан югуриб келиб, тунда номалум масофаларга ўқ отиш каби шартларда энг яхши натижаларни қайд этди.
Туркияда “MazlumDer” – “Инсон ҳуқуқлари ва мазлумлар учун бирдамлик” уюшмасининг матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқ фаоллари ва жамоат фаоллари иштирок этди. Анжуманда асосий эътибор Туркияда кенг муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлаётган Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад)нинг депортациясига қаратилди. Хусусан, “MazlumDer” ташкилоти вакили ушбу депортация жараёни суд қарори ва қонун талабларига зид ҳолда амалга оширилганини маълум қилди. У Туркия Иммиграция бошқармаси фаолияти борасида жиддий назорат текширув ўтказиш лозимлигини таъкидлади.
Теҳронда Хитой, Эрон, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари темир йўл орқали юк ташиш тарифларини мувофиқлаштириш бўйича келишувга эришди. Ушбу келишув Хитойдан Европагача бўлган юк оқимини Марказий Осиё ва Яқин Шарқ орқали оширишга қаратилган транспорт коридорини такомиллаштиришга хизмат қилади.