Нуристон вилояти полиция бошлиғи Ахтар Муҳаммад Мазмалнинг маълум қилишича, Афғонистонда Исломий Амирлик ўрнатилганидан бери Нуристон вилоятида бирор бир жиддий бузғунчилик ҳаракати содир этилгани йўқ. Бу ҳолат оддий одамлар ва хавфсизлик органлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик, шунингдек, маҳаллий аҳоли билан юксак даражадаги ўзаро тушуниш натижасидир.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги делегация Кобул шаҳрида Афғонистон мудофаа вазири Мулла Муҳаммад Ёқуб билан учрашув ўтказди. Учрашувда томонлар чегаравий ҳамкорлик, ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ва бошқа тегишли масалалар юзасидан фикр алмашган. Шунингдек, Баҳодир Қурбонов қўшни мамлакат ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний билан ҳам учрашув ўтказган.
Афғонистон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақийнинг таъкидлашича, миллий суверенитет “қизил чизиқ”дир. Ислом амирлиги Афғонистонда ҳеч қандай ташқи ҳарбий кучлар бўлишига рухсат бермайди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистон бош вазири Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд билан учрашди. Ушбу учрашув давомида савдо, гуманитар ҳамкорлик ва минтақавий боғлиқликни ривожлантириш, жумладан, “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темирйўли бўйича ҳадли битим масалалари муҳокама қилинган.
Афғонистон олий таълим вазири Шайх Нида Муҳаммад Надим Япония элчиси Такаёши Куромая билан учрашди. Музокараларда таълим ва гуманитар ёрдам соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, элчи Япониянинг Афғонистонни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган. Шунингдек, у Ислом Амирлигининг қатор соҳалардаги ютуқларини эътироф этган.
Халқаро миграция ташкилоти (IOM) маълумотларига кўра, фақат июнь ойининг ўзида 256 мингдан ортиқ афғон Эрондан Афғонистонга қайтган. Расмийлар мамлакатда 6 миллиондан ортиқ афғон яшашини, уларнинг катта қисми ҳужжатсиз эканини айтган. Бундан ташқари, июнь ойи ўрталарида бошланган Эроннинг исроилга қарши 12 кунлик уруши ҳам муҳожирларнинг чиқиб кетишига таъсир қилган. Маҳаллий ОАВларнинг ёзишича, бир қанча афғон фуқаролари исроил фойдасига жосуслик қилишда гумонланиб қўлга олинган.
Халқаро жиноий суд (ХЖС) Афғонистондаги вазиятни тергов қилиш доирасида мамлакат олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Афғонистон бош судьяси Абдулҳаким Ҳаққонийни ҳибсга олишга ордер берди. Суднинг иддао қилишича Охундзода ва Ҳаққоний инсониятга қарши жиноятлар, хусусан, аёллар ҳуқуқларининг жиддий бузилишида бош-қош бўлган.
Россия Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олган дунёдаги биринчи давлатга айланди. Рус дипломати Дмитрий Жирновнинг айтишича, Путин Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таклифи билан Афғонистон Ислом Амирлигини тан олишга қарор қилган. Бу қарор эса "Россиянинг Афғонистон билан тўлақонли шериклик ўрнатишга бўлган интилишини намойиш этади".
Афғонистон Мудофаа вазирлигига тегишли Абдуллоҳ ибн Масъуд номидаги жанговор тайёргарлик марказида 199 нафар Афғонистон фуқароси уч ойлик курсни муваффақиятли якунлади. Курс доирасида танкка қарши гранаталар, миномётлар, M2 пулемёти ва бошқа замонавий қуроллардан фойдаланиш бўйича таълим берилган. Курс битирувчилари учун ўтказилган маросимда бугунги таҳликали замонда динни, ватанни ва қадриятларни ҳимоя қилиш шарафли бурч экани таъкидланган.
Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий Истанбулда Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан билан учрашди. У мамлакатлар ўртасидаги чуқур тарихий алоқаларга эътибор қаратиб, Туркияни Исломий Амирлик ташқи сиёсатида “алоҳида ва стратегик” роль ўйнайдиган давлат сифатида қайд этди.