Россия Афғонистон ҳукумати билан меҳнат миграциясини тубдан кенгайтириш бўйича келишувга эришди. Тез орада Россия қурилиш объектларида ишлаётган афғонлар сони мингга етказилади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийни қабул қилди. Азизий Мирзиёевга Афғонистон раҳбариятининг саломини етказган. Учрашувда савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари, шунингдек, геология-қидирув ва кончилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Афғонистон аҳолисига жўнатган 183 тонна озиқ-овқат маҳсулоти Балх вилоятига етказилди. Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, гуруч, шакар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош ўрин олган.
Афғонистоннинг Лагман вилояти ҳокимияти Қурбон ҳайити муносабати билан марказий қамоқхонадан 91 нафар маҳбус озод этилганини маълум қилди. Бу чора Афғонистон ҳукумати томонидан эълон қилинган махсус амнистия доирасида амалга оширилган. Олдинроқ, қўшни Нангархар вилоятида ҳам 317 нафар маҳбус озод этилиб, 385 кишига тайинланган жазо енгиллаштирилганди.
Афғонистондаги “Ҳилол кўриш қўмитаси” ҳеч бир вилоятда 28 май куни зулҳижжа ойи кўринмаганини маълум қилган. Аҳоли вакиллари ҳам ушбу ойни кўргани ҳақида шариат судларига гувоҳлик бермаган. Шундан келиб чиқиб, афғон ҳукумати 28 май зулқаъда ойининг сўнгги куни эканини айтиб, 7 июнни Қурбон ҳайити сифатида белгилаган.
Афғонистон ҳукумати Россия ва Хитой билан долларсиз, миллий валюталарда савдо қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Руслар билан музокаралар илғор босқичда. Ўзаро ҳисоб-китобларнинг рубль ва афғонийда амалга оширилиши механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Хитой билан ҳам шунга ўхшаш таклифлар илгари сурилган ва Кобулдаги Хитой элчихонаси билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилиб, вазиятни ўрганишга киришилган.
Афғонистонда 38 аёлнинг мажбурий никоҳланиши, 40 аёлнинг оилавий зўравонликларга дучор бўлишига чек қўйилди. 24 аёлнинг эса шариатга мувофиқ меросдан улуш олиши таъминланган. Олдинроқ, Афғонистон олий раҳбари Ҳайбатулла Оҳунзода аёллар ҳуқуқлари тўғрисида фармон чиқарганди. Фармонда раҳбарият барча тегишли мутасаддилар, дин уламолари ва оқсоқолларга аёлларнинг қуйидаги ҳуқуқларини рўёбга чиқариш бўйича жиддий чоралар кўришни топширган: вояга етган аёлни турмушга узатишда унинг розилиги талаб қилинади, ҳеч ким аёлларни турмушга чиқишга мажбурлай олмайди.
Афғонистон Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун 16 та юк машинасида Ҳирот оқ мармарини совға қилди. Ҳар бир юк машинасида 350 тадан мармар бўлиб, жами 4 минг квадрат метр майдонни қоплашга етиши айтилмоқда.
Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукуматлари тарихий темирйўл битимини имзоламоқчи. Мазкур темир йўл Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан тўғридан-тўғри боғлаши, натижада юк ташиш вақти ва харажатларини сезиларли даражада қисқартириши билан аҳамиятли. Шунингдек, Марказий Осиё давлатларига денгиз портларига чиқиш имконини беради.
Талаба қизлардан 54 нафари Қуръонни ёд олган бўлса, 86 нафари Олий исломшунослик бўлимининг таржима ва тафсир йўналишини битирган, қолганлари эса Қуръон ва қироат йўналишини тамомлаган.