Тожикистон президенти Имомали Раҳмон имзолаган қонун билан ижтимоий тармоқларда постларга “лайк” ва бошқа белгиларни қўйганлик учун жиноий жавобгарлик бекор қилинди. Тожикистон бош прокурори биринчи ўринбосари Умед Каримзода сўзларига кўра, ҳозир 1507 нафар фуқаро интернетдаги видеолар ва репортажларни ёқтиргани, шунингдек, "террористик ва экстремистик мазмундаги шарҳ ва фикрларни" ёзгани учун қамоқда сақланмоқда.
АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида қиймати тахминан 142 миллиард доллар бўлган “тарихдаги энг йирик қурол-яроғ сотуви бўйича шартнома” имзолангани хабар қилинди. Шунингдек, Google, Oracle, Jacobs, Boeeing ва бошқа ширкатлар билан ҳам келишувларга эришилди.
Мисрда хорижликлар, жумоадан ўқиш мақсадида келганларни текшириш кучайтирилди. Жумладан, миграция қоидаларини бузганликда гумонланиб, беш нафар Ўзбекистон фуқароси ушланган. Кейинроқ улардан бири қўйиб юборилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонида бўлиб ўтган АҚШ–Саудия қўшма инвестиция форумида Сурияга қарши санкциялар бекор қилинишини эълон қилди. Трамп нутқида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан телефон орқали суҳбатини эслаб, у ҳам бу борада илтимос билдирганини айтди. “Яқин Шарқдаги бошқа обрўли дўстларим ҳам шундай илтимос қилди. Сурияга қўйилган санкцияларни бекор қиламиз”, деди у.
АҚШ президенти Дональд Трамп 2025 йил 13 май куни Яқин Шарқ бўйлаб сафарини Саудия Арабистонидан бошлади. У ерда у валияҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон томонидан тантанали кутиб олинди. Сафарнинг бош мақсади – икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва стратегик ҳамкорликни кенгайтиришдир
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Покистон билан сўнгги тўрт кунлик ҳарбий тўқнашувлардан сўнг халққа мурожаат билан чиқди. У Покистон томонидан Ҳиндистонга қарши бирор ҳаракат содир этилса кескин жавоб қайтарилишини таъкидлаган. Шунингдек, у икки давлат ўртасидаги сув битимининг тўхтатилганига ишора қилиб, "сув ва қон бирга оқмаслиги"ни қўшимча қилган.
АҚШ президенти Доналд Трампнинг маълум қилишича, у 15 майда Истанбулда Россия ва Украина ўртасида ўтказилиши режалаштирилган музокараларда шахсан ўзи қатнашиши мумкин. АҚШ етакчиси Эрдўғоннинг ажойиб мезбон эканлигини эътироф этган.
Ғазода асирда бўлган сўнгги тирик Америка фуқароси деб ҳисобланган 21 ёшли Александр жанубдаги Хон Юнис шаҳрида Қизил Хоч расмийларига топширилган. Қаршилик ҳаракати бу Ғазо секторига "ўт очишни тўхтатиш, ўтиш жойларини очиш ва ёрдам етказиш бўйича кўрилаётган қадамларнинг" бир қисми эканини айтди.
Ливия Ички ишлар вазирлиги барча фуқароларни уйларида қолиш ва хавфсизликлари учун кўчаларга чиқмасликка чақирди. Триполидаги Митига халқаро аэропортидаги рейслар вақтинча Мисрата аэропортига йўналтирилди, мактаблар ва университетлар фаолияти тўхтатилди.
Олдинроқ, Ҳиндистон Покистон билан кескинлик фонида мамлакатдаги 487 та аэропортдан 32 тасини ёпган эди. Мамлакатлар ўртасидаги келишувдан сўнг, ушбу аэропортларнинг барчаси ўз фаолиятини қайта бошлаган.