исроил армияси Ғазо атрофидаги кенг ҳудудни вайрон қилиб, у ерда яшаган барча аҳолини чиқариб юборди. The Guardian нашрининг ёзишича, энди бу ҳудуддан ўтган ҳар қандай фаластинлик ўққа тутилади.
Франция президенти Эммануэл Макрон ўзининг Қоҳирага ташрифи чоғида Абдулфаттоҳ ас-Сисий билан музокара ўтказди. Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, музокаралар натижасида икки давлат ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш бўйича декларация имзоланган.
АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан ядровий дастур бўйича бевосита музокаралар бошланишини эълон қилди. У, агар Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқишдан воз кечмаса, “кучли оқибатлар” юз беришини таъкидлади.
2025 йил 7 апрел куни Хитой фонд бозори 2008 йилдан бери кузатилмаган энг кескин пасайишни бошдан кечирди. Ушбу инқирознинг асосий сабаби — янги босқичга кирган савдо урушидир: АҚШ Хитой маҳсулотларига божхона тўловларини кескин оширди, Хитой эса ўз навбатида 34% лик тарифлар билан жавоб берди.
Исроил молия вазири Бецалел Смотрич Ғазо секторига ҳеч қандай гуманитар ёрдам юборилишига йўл қўйилмаслиги бўйича қатъий баёнот билан чиқиб, “ҳатто бир дона буғдой уруғи ҳам Ғазога етиб бормайди”, дея кескин фикр билдирди.
2023 йил октябридан буён исроил ҳужумлари оқибатида шаҳид бўлган фаластинликлар сони 50 695 нафарга етди. Сўнгги бир суткада яна 26 киши қурбон бўлгани ва 113 киши жароҳатлангани маълум қилинди. Умумий ярадорлар сони 115 338 нафарга етган.
Американинг Яманга уюштирган авиазарбалари Ямандаги “Ансор Аллоҳ” ҳаракатини заифлаштириш учун етарли бўлмаганини CNN нашри расмийлар ва таҳлилчиларга таяниб хабар қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон авиакомпанияси Хитойнинг China Southern Airlines компанияси билан музокаралар ўтказган. Унда мавжуд йўналишлар бўйича парвозлар сонини ҳафтасига етти мартагача ошириш бўйича ўзаро келишув имзоланган.
Россия ва Украина ўртасидаги уруш фонида Швеция ҳукумати фуқароларни ҳимоя қилиш учун 100 миллион крона ажратиб, мамлакатдаги кенг қамровли ядро бункерлари тармоғини янгилаш ва мустаҳкамлаш ишларини бошлади.
АҚШ Президенти Доналд Трамп босқинчи исроил, Ветнам ва Ҳиндистон билан янги савдо битимлари юзасидан музокараларни бошлади. Axios хабарига кўра, исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Оқ уйга бугунги ташрифи чоғида Трамп билан савдо шартларини қайта муҳокама қилмоқчи.