Индонезия Президенти Прабово Субианто мамлакат Ғазо секторидан 1000 нафар ярадор ва етим болани вақтинча қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди. Ҳозирда президент Яқин Шарққа йўл олган бўлиб, у минтақа етакчилари билан Ғазодаги инқирозни ҳал қилиш бўйича музокаралар ўтказмоқда.
Европа Иттифоқи Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фаластин маъмуриятига молиявий ёрдам ажратиш бўйича дастлабки келишувга эришди. Quds ахборот агентлиги маълумотига кўра, ЕИ кейинги икки йил давомида 1 миллиард еврогача маблағ ажратишни режалаштирмоқда.
Хитой ҳукумати АҚШдан импорт қилинадиган барча товарларга божларни 84 фоизгача оширди. Бу чора АҚШнинг Хитой маҳсулотларига тарифларни 104 фоизгача ошириш қарорига жавобан қабул қилинди. Трамп эса бугун Хитойга қўйилган тариф ставкасини зудлик билан 125 фоизгача оширишни ва бошқа мамлакатларга нисбатан чоралар учун 90 кунлик танаффус беришни маълум қилди.
Аданалик Ридван Таштимур ўзининг 30 миллион лиралик (800 минг АҚШ долларига яқин) вилласини ғазоликларга совға қилди. У ушбу хабарни ўзининг Х ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Мамлакатлар АҚШ билан божларни олиб ташлаш бўйича келишувга эришмоқчи. CNN хабарига кўра, президент Доналд Трамп АҚШ божлар жорий қилган давлатлар келишувга эришиш учун Вашингтонга музокарачиларни юбораётганини айтган.
АҚШ ҳукумати Ғазони қўллаб-қувватлагани учун яна беш нафар талабанинг визасини бекор қилган. Гарвард университети маъмурияти битирувчи талабаларнинг визаси бекор қилиниши сабаблари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирган.
ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесуснинг таъкидлашича, “келажакда янги пандемиянинг пайдо бўлиши “назарий хавф” эмас, балки “эпидемиологик аниқлик”дир.
Белгия ҳукумати Украинага ҳарбий ёрдамни кенгайтиришга қарор қилди. Мамлакат Бош вазири Барт де Вевер Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида 2025 йил учун 1 миллиард евро ажратилишини эълон қилди.
Россия ўзининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил март ойи якунларига кўра мамлакатнинг олтин захиралари қиймати рекорд даражага етди.
АҚШ ҳукумати Хитойдан импорт қилинадиган товарларга қўйиладиган бож ставкаларини 104 фоизгача оширгани маълум қилинди. Янги тарифлар бугундан расман кучга кирган.