Россия президенти Владимир Путин 26—27 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Россия етакчиси бугун ва эртага Беларусда бўлиб, сўнгра Ўзбекистонга келади. Тошкентда томонлар бир нечта қўшма ҳужжатлар имзолашни режалаштирмоқда.
Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш Ўзбекистонга ташрифи аждодлар диёрида экани учун қулайлик ҳисси билан кечаётганини маълум қилди. У Турк дунёсининг бирлиги ва ривожланиши тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшишини таъкидлади. “Турк дунёсининг салоҳияти, жумладан инсон ресурслари ва табиий бойликлари, чуқур тарихий ва маданий алоқалари келажакда янги куч марказига айланишига имкон беради”, - деди Куртулмуш.
Қозоғистонда Озарбайжон ташаббуси билан туркий дунё савдо белгиларини бирлаштирган Made in Turan бренди яратилди. Ушбу бренд Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ягона маркалашга ўтишни назарда тутади.
23 май куни «Ҳаж-2024» дастури доирасида 240 нафардан иборат илк ўзбекистонлик зиёратчилар гуруҳи Тошкентдан Мадинага учди. Уларни президентнинг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев ва бошқалар кузатиб қўйди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Халқаро тузилмалар, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Франция парламентининг Янги Каледония Конституциясига камида 10 йил аввал минтақага кўчиб келган хорижликларга сайловларда овоз бериш ҳуқуқини беришни кўзда тутган ўзгартиришни киритиш таклифи маҳаллий аҳолининг норозиликларига сабаб бўлди ва энг камида беш киши ҳаётдан кўз юмган тартибсизликларга айланиб кетди. Тинч океанида жойлашган Янги Каледонияда содир бўлган сўнгги воқеалар Озарбайжонга икки жиҳатдан алоқадор.
Губада бўлиб ўтган II минтақалараро форум доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг бир қатор шаҳарлари ўзаро биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битимларни имзолади. Уларга кўра, Гулистон ва Фузулий, Термиз ва Биласувар, Наманган ва Мингачевир биродар шаҳарларга айланди.
Ўзбекистон сув тошқинларидан жабр кўрган Афғонистон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди. Ёрдам таркибида чодирлар, шунингдек, ун, гуруч, консерва, макарон, ёғ ва бошқа маҳсулотлар бор. Афғонистон шимолида май ойи бошида кучли ёмғирлар сабабли сув тошқинлари юз бериб, юзлаб киши ҳалок бўлганди. Ҳодисадан энг кўп Бағлон вилояти зарар кўрган.
Исроил бўйлаб 1300 олим "урушни давом эттиришнинг фойдалари аниқ эмас" деб баёнот тарқатган. Таъкидланишича, ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳақиқий бўлмаган мақсад ёки етакчиларнинг сиёсий омон қолиши учун урушни давом эттириш ҳуқуқини бермайди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эроннинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюриб, мамлакат шимолида вертолёт қулаши оқибатида президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахслар фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон бош муфтийси Нуриддин Холиқназаров ҳамроҳлик қилди.