Қирғизистон Озарбайжоннинг Арманистон ишғолидан озод қилинган Агдам тумани Хидирли қишлоғида ўз ҳисобидан мактаб қуради. Садир Жапаров ва Илҳом Алиев биргаликда ушбу мактабнинг тамал тошини қўйди. Давлат раҳбарлари Агдам шаҳрининг қайта тикланган тарихий Жума масжидининг очилиш маросимида ҳам иштирок этишди.
Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ироққа ташрифи доирасида Туркия, Ироқ, Қатар ва БАА ўртасида Шарқ ва Европа мамлакатларини боғловчи энг қисқа йўлни барпо этишни кўзда тутган “Тараққиёт йўли” лойиҳасини амалга ошириш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Ушбу йўлнинг Хитой ва Европа ўртасидаги масофани Сувайш канали орқали ўтадиган денгиз йўлига нисбатан қисқартириб, вақт ва маблағни тежаши кутилмоқда.
Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида селга қарши тўғон бузилиши натижасида аҳоли зудлик билан эвакуация қилинмоқда. Камида бир киши ҳалок бўлган.
Британия ташқи ишлари вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари ва Мўғилистонга ташрифини бошлади. Британия ТИВ раҳбари илк бор Тожикистон ва Қирғизистонда бўлди. Ўзбекистонга эса охирги марта 1997 йилда ташриф буюрган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса 12 йиллик танаффусдан сўнг илк бор Ироққа бир кунлик ташриф билан бормоқда. Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев Россияга ташриф буюрди.
Қозоғистон жанубидаги Балхаш вилоятида жойлашган Иле-Балхаш давлат қўриқхонаси ҳудудида 18 гектар майдонда қуриган хас-чўплар ва қамишлар ёнди. Гидрометеорология хизмати мамлакат жанубида ҳарорат май ойидаёқ 40 даражага кўтарилиши, бу эса, ўз навбатида, ёнғинлар хавфини янада оширишини тахмин қилмоқда.
Арманистон Тавуш вилоятидаги тўртта қишлоқни Озарбайжонга ўтказадиган бўлди. Арманистон бош вазири девони ушбу қарорни изоҳлар экан, бу чегарадаги хавфсизликка таҳдидларни камайтиришини маълум қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ислом олами уюшмаси таркибидаги Исломий фиқҳ академияси аъзолигига қабул қилинди.
Ўзбекистон Қозоғистоннинг сув тошқинларидан жабр кўрган ҳудудлари аҳолиси учун 15 та юк машинасида инсонпарварлик ёрдами жўнатди. 100 тонна юкни ўз ичига олган мазкур ёрдам қиймати 10 миллиард сўмни ташкил этиши маълум қилинди.
Қозоғистонда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги янги қонун қозоқ тилидаги ахборотлар улушини босқичма-босқич оширишга қаратилган. 2025 йилдан бошлаб қозоқ тилидаги теле ва радио дастурлар умумий ҳажмининг камида 55 фоизини, 2027 йилдан эса 60 фоизини ташкил қилиши керак.