Президент Шавкат Мирзиёев Аҳмадобод шаҳри ҳудудида юз берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия мактуби йўллади. Маълумот учун, Ҳиндистонда ҳалокатга учраган Аir India авиакомпаниясининг Boeing 787-8 Dreamliner самолёти бортидаги барча 242 киши ҳалок бўлди. Ҳодиса бугун, 12 июнь куни Аҳмадобод шаҳри аэропорти яқинида содир бўлган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийни қабул қилди. Азизий Мирзиёевга Афғонистон раҳбариятининг саломини етказган. Учрашувда савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари, шунингдек, геология-қидирув ва кончилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Жорий йилнинг 12 июнидан бошлаб Саудия Арабистонидаги ҳожиларимиз бир неча кун давомида навбати билан ватанга қайтишади. Қайд этилишича, ватандошларимиз Жидда шаҳридан мамлакатимизнинг 10 та ҳудуди – Тошкент, Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларига тўғридан-тўғри парвоз қиладилар.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида “Чексиз биродарлик – IV” номли кўп миллатли ҳарбий машғулотлар ўтказилади. Унда Озарбайжон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Покистоннинг махсус кучлари иштирок этади. Машғулотлар иштирокчи давлатларнинг қўшма оператив салоҳиятини оширишга ҳамда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Қозоғистон Сенати фуқароларнинг диний эркинлигига бевосита таъсир қилувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Унга кўра, жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпувчи кийимлар, жумладан, аёлларнинг юзига ниқоб тақиши тақиқланиши мумкин. Бу билан Қозоғистон ҳам қўшниларидан намуна олмоқда: Қирғизистонда ниқоб тақиқи 2024 йил февралидан кучга кирган эди. Ўзбекистонда 2023 йилдан бери амалда, Тожикистон эса аллақачон ниқобни ўзининг "миллий қадриятларига зид" деб эълон қилган.
Ўзбекистон Москвадаги вазият юзасидан Россия ТИВга нота йўллаб, куч ишлатар ташкилот вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраган. Нотада қайд этилишича, юзага келган вазият инсон ҳуқуқлари яққол бузилганидан далолат беради, буни эса қабул қилиб бўлмайди.
"Биз Украина билан боғлиқ вазиятни фақат дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарур, деб ҳисоблаймиз ва Истанбулда бўлиб ўтаётган тўғридан-тўғри музокараларни олқишлаймиз. Шу билан бирга, кўпдан буён чўзилаётган Ғазо фожиасига эътиборингизни қаратмоқчиман. XXI асрда кўз ўнгимизда кўплаб бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди", деган президент Шавкат Мирзиёев.
Россиянинг "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси сафида Украинага қарши жанг қилган 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси аввалига Самара вилоятида гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб қамалгани, кейин эса мажбуран урушга олиб кетилганини айтди. Судланувчига кўра, 2022 йилда у жазони ўтаётган жазони ижро этиш муассасасига келган "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси аъзолари урушга боришни истамаганларни йиғилганлар кўз ўнгида отиб ташлашган.
Вазирлик АҚШдаги ватандошларни "ушбу мамлакатнинг амалдаги қонун-қоидаларига қатъий амал қилишга, тинчлик ва хавфсизликни бузиши мумкин бўлган ҳар қандай оммавий намойишларда иштирок этмасликка" чақирган.
Олдинроқ, Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақомини текшириш бўйича тадбирлар давомида Россия гвардияси томонидан мигрантларга нисбатан куч ишлатилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Миграция агентлиги Москвадаги рейдлар чоғида муҳожирларга, жумладан, ватандошларимизга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ҳақидаги хабарлардан "афсус ва таассуфда" эканини маълум қилди.