Фарғонада 130 ёшли Ҳувайдо момо Умарованинг туғилганлик факти белгиланди. Адлия вазирлигининг маълум қилишича, суд қарори билан Ҳувайдо момонинг 1895 йил 1 январда туғилганлик факти белгиланган. Эндиликда Ҳувайдо момо Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг кекса аёл сифатида киритилиши мумкин.
Хитой ҳукумати Урумчида Шарқий Туркистонни бошқариш бўйича йиғилиш ўтказди. Унда Ижтимоий фанлар академиясининг янги бўлими очилиши ҳам маълум қилинган. Расмийларга кўра, янги бўлим ҳудудни "самарали бошқариш" учун ташкил этилган. Маълумот учун, Хитой ижтимоий фанлар академияси (CASS) – ҳукумат даражасидаги тадқиқот институти ва таҳлил маркази ҳисобланади. Янги бўлим эса Хитойнинг ярим йил ичида Шарқий Туркистонда очилган учинчи маркази ҳисобланади. Таҳлилчилар фикрича, Пекин назарий тадқиқот ва амалий чораларни уйғунлаштириб, минтақадаги босқинчилик сиёсатини янада тизимлаштирмоқчи.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурханов Ўзбекистон Афғонистонга ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлганига оид хабарни рад этди. Гап шундаки, куни кеча қатор нашрлар Ўзбекистон Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлганини ёзганди.
Бугун Тошкентда ўтаётган “Декларациялар мулоқоти” иккинчи халқаро форумида Адлия вазирлиги ННТ бошқармаси бошлиғи Зикирилла Маҳмудов диний ташкилотлар фаолиятига халал берган ҳар кимсанинг жазоланишини, бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига жавобгарлик киритилганини таъкидлади. Унга кўра, эндиликда давлат органларининг мансабдор шахслари диний ташкилотлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашса жаримага тортилади.
Шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш мажбурий этиб белгиланмоқда. Бунда агар розилик шахс муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, унинг қонуний вакили томонидан, шунингдек, шахс вафот этган тақдирда, агар у ҳаётлиги чоғида розилик бермаган бўлса, унинг ворислари томонидан берилади.
Иккинчи суд мажлисида қатнашган гувоҳлар ҳам қўйилаётган айбловлар учун етарлича далил келтира олишмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, шу боис ҳам Устоз Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айбловлар сирасидан "миллатлараро низо қўзғатиш" айблови олиб ташланган. Ўз навбатида гувоҳлардан бирининг даъвоси ҳам бекор қилинган. Афсуски суд мажлиси яна қолдирилиб, 15 сентябрда давом эттириладиган бўлди. Бунга Устозни сўроқ қилишга вақт етмагани сабаб қилиб кўрсатилган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмард Тўқаев халққа мурожаатида мамлакат парламенти ислоҳ қилинишини маълум қилди. Тўқаевнинг режасига кўра, ҳозирги икки палатали парламент ўрнига бир палатали парламент ташкил этилиши керак.
Олий мажлис сенатининг маълум қилишича, 2024 йилда олий таълим муассасалари талабалари иштирокида 761 та жиноят содир этилган бўлса, 2025 йилнинг 6 ойи давомида 102 та олий таълим муассасасининг 307 нафар талабаси жиноятга қўл урган. Ушбу жиноятларнинг аксарияти йўл-транспорт ҳодисалари, ўғрилик, тан жароҳати етказиш, безорилик ва фирибгарлик билан боғлиқ.
РФ ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Озарбайжон ҳаво йўлларига тегишли самолёт учун суғурта компанияси 1 миллиард 3 миллион рубль миқдорида тўловни амалга оширган. Шунингдек, ҳалокатда жабрланган ва ҳаётдан кўз юмган йўловчиларнинг яқинларига 358,4 миллион рубль (қарийб 4,4 миллион доллар) миқдорда пул берилган.
2025 йилда тест имтиҳонини топширган абитуриентларнинг 253 минг 844 нафари яъни 41,29 фоизи 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган. Бу шунча абитуриент максимал баллнинг 30 фоизини ҳам ололмади, дегани. 56,7 дан кўпроқ балл тўплаганлар сони 360 минг 924 нафар — жами абитуриентларнинг 58,71 фоизини ташкил қилади.