АҚШнинг Пенсильвания штатидаги касалхоналардан бирида Туркия 2016 йил июлдаги давлат тўнтаришига уриниш ташкилотчиси сифатида айблаб келаётган FETO етакчиси, воиз Фатҳуллоҳ Гюлен 83 ёшида вафот этди. Анқара бир неча бор ўзининг НАТОдаги иттифоқчиси АҚШдан Гюлен экстрадициясини талаб қилганди.
Охирги уч йил ичида Литвага келаётган марказий осиёлик муҳожирлар сони 14 баробар ошди. Литва Давлат хавфсизлик департаменти раҳбари Дарюс Яунишкис ҳозирча жиддий хавотирлар учун асослар йўқлиги, бироқ Ғарбга қарши кайфият кучаётганини таъкидлади.
Фарғона вилоятидаги мактаблардан бирининг 11-синфида таҳсил олувчи қиз Microsoft компаниясининг ёшларга мўлжалланган Microsoft Learn Student дастури амбассадори – рамзий элчиси бўлди. У компания томонидан бир йил давомида берилган техник вазифа ва шартларни, жумладан, сунъий интеллект бўйича 30 та модулдан иборат дарс ва топшириқларни бажарди.
Россия 17 октябрдан бошлаб Қозоғистондан буғдой, ясмиқ, помидор, қалампир ва полиз маҳсулотларини олиб киришга вақтинчалик чекловлар киритди. Росселхознадзор мазкур қарор “Қозоғистон ваколатли идоралари томонидан Россия ҳудудининг фитосанитар хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмагани сабабли” қабул қилинганини билдирди.
Тошкентда бўлиб ўтган бизнес-форумда Қувайт компанияларига Ўзбекистондаги мингдан ортиқ давлат корхоналарини хусусийлаштириш дастурида иштирок этиш, шунингдек, Ўзбекистон логистика инфратузилмасини ривожлантиришда қатнашиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф қилинди. Кончилик, энергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Astana Think Thank Forum йиғилишида Марказий Осиёдаги ҳозирги вазият 10 йил олдинги вазиятдан кескин фарқ қилиши, минтақа мамлакатлари бир-бири билан фаол ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.
Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида 10 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган Jac микроавтобуси чегарадан ўтиш учун навбатда турган юк машинасига бориб урилди. Оқибатда 6 киши, жумладан , 2 бола ҳалок бўлди, 4 йўловчи шифохонага ётқизилди. Уларнинг барчаси Хоразм вилоятидан бўлган.
Россия фуқаролигини олиш учун Украинадаги урушда қатнашган ва яраланиб, Ўзбекистонга қайтган самарқандлик 56 ёшли эркак уч йилга қамалди. Унинг телефонидан РФ ҳарбий гувоҳномаси, жароҳатлангани ҳақидаги маълумотнома ва Россия паспорти расмлари чиққан.
16 октябрь куни Ўзбекистон ва хориждаги сайлов участкаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига депутатлар сайлови бўйича муддатидан олдин овоз бериш бошланди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ғарб давлатлари Бишкекка ким билан ҳамкорликни ривожлантириши кераклиги ҳақида буйруқ бермаслиги кераклигини таъкидлади. “НАТО ёки Европа Иттифоқига аъзо бўлган Европа давлатлари бор, улар ҳам Россия билан ҳамкорлик қилади. Лекин улар бизга Россия ёки МДҲ билан ҳамкорлик қилмасликни айтмаслиги, кўрсатмаслиги ёки сўрамаслиги керак”, — деди у.