Озарбайжоннинг Арманистон ишғолидан озод қилинган Лочин шаҳри 2025 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг “маданий пойтахти” деб эълон қилинди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси Буюк Британияда бўлиб ўтган «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида ўз гуруҳида биринчи, умумий ҳисобда иккинчи ўринни эгаллади. Ўзбек ҳарбийлари 70 километрдан ортиқ масофани табиий ва тактик тўсиқларни енгиб, кимёвий ва биологик таҳдид шароитида муваффақиятли босиб ўтишди.
Ўзбекистонда диний таассублик туфайли бир гуруҳ шахслар томонидан ёки қурол ёки хавфли нарсалар ёрдамида қасддан баданга енгил шикаст етказиш жазоси кучайтирилди. Бошқа ҳолатларда эса, қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилиб, бундай қилмишлар жиноий жазо таркибидан чиқарилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказилмоқда.
Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъати йиғилишида туркий давлатларда оила, никоҳ ва ажрим борасидаги муаммоли масалаларни ўрганиб, жамоавий фатво ишлаб чиқишга келишиб олинди. Ушбу таклиф Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан илгари сурилди.
Ўзбекистонда 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларига тайёргарлик кўриш мақсадида saylov.mfa.uz сайти ишга туширилди. Мазкур сайт хориждаги ўзбекистонликларга консуллик ҳисобида турмасдан овоз бериш учун сайловчилар рўйхатига киритишга электрон мурожаат қилиш имконини беради.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазият кескинлашаётганидан чуқур хавотир билдирди. «Танглик даражасининг янада ортиши кенг минтақада хавфсизликка нисбатан бўлган хатар ва таҳдидларнинг мисли кўрилмаган даражада кучайишига олиб келиши мумкин», — дейилади вазирлик баёнотида.
Россиянинг Иркутск шаҳрида Ўзбек миллий маркази раҳбари ва тожик диаспораси раиси ўринбосари “ноқонуний миграцияни тарғиб қилиш”да айбланиб ҳибсга олинди. Тергов маълумотларига кўра, улар хорижликларга Россияда ишлаш ва яшаш учун рухсат олиш учун зарур бўлган сертификатларни олишга ёрдам берган.
Саудия Арабистонининг Jamjoom Pharma компанияси Тошкент вилоятидаги Tashkent Pharma Park кластери ҳудудида фармацевтика заводи қуради. Янги корхона тўғридан-тўғри инвестиция киритиш шарти билан қурилади ва ва 2025 йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
Россия фитосанитар сабабларга кўра Қозоғистондан дон, помидор, қалампир ва кунгабоқар уруғлари транзити ва импортини тўхтатиб қўйди. Айрим экспертларнинг фикрича, Россиянинг Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини тақиқлаши Қозоғистон томонидан рус ғалласига қўйилган тақиқга жавоб бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Кариб денгизи ҳавзасида (Марказий Америка) жойлашган Багама ороллари Ҳамдўстлиги билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. Шу билан Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 155 тага етди.