Ўзбекистонда ўзини ҳайвонларга ўхшатиб, уларнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилувчи квадроберларга қарши кураш бошланди. ИИВ бундай қилиқларни қилган болаларнинг ота-оналари жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирди. Ижтимоий тармоқларда ушбу субмаданият ишқибозлари Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Ўзбекистон ҳукумати “Умра” фаолиятини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича талабларни кучайтаришга қаратилган қарорни қабул қилди. Унга кўра, ушбу фаолиятни олиб борувчи тадбиркорларга вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик, 1 млн АҚШ доллари миқдордаги маблағни “Зиёрат” жамғармасига захира қилиб қўйиш ҳамда ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик каби талаблар қўйилди.
Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компанияси Ўзбекистонда электропоездлар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Транспорт вазирлигида бу борада музокаралар бўлиб ўтди. Аввалроқ Корея компанияси билан «Тошкент-Хива» тезюрар йўналиши бўйича олтита поезд етказиб бериш бўйича шартнома тузилган эди.
Ўзбекистон президентининг БМТ Бош ассамблеясида берган ваъдасига мувофиқ, 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро анжуман ўтказилади. Унда дунёнинг 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилот раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этиши кутилмоқда.
Туркманистон пойтахти Ашхобот шаҳрида Марказий Осиё давлатлари, Россия, Эрон, Покистон, Мўғулистон, Арманистон президентлари иштирокида туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган "Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги - тинчлик ва тараққиёт асоси" мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Унда, жумладан, Ўзбекистон президенти нутқ сўзлади.
Жаҳон банки Тошкентда ҳаводаги майда заррали чанглар таъсирида йилига 3042 киши бевақт вафот этаётгани, аҳоли саломатлигига етказилаётган зарар эса 488,4 млн долларга баҳоланаётганини маълум қилди. Энг асосий ифлослантирувчилар – иситиш тизимлари, қурилиш, транспорт ва саноат.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси янги раҳбари Абдул Ғаффор Теравийни қабул қилди. Учрашувда, жумладан, икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, фойдаланилмаётган салоҳиятни рўёбга чиқариш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида икки кунлик Туркий давлатлар сунъий интеллект форуми иш бошлади. Тадбир давомида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатлари, шунингдек, сунъий интеллект лойиҳалари ва стартапларига сармоя жалб этишни муҳокама қилиш кўзда тутилган.
Туркия ҳукумати жамоавий видеочатлар уюштиришга мўлжалланган Discord платформасини жиноятларга алоқадорлиги сабабли тақиқлашга қарор қилди. Ушбу платформада ёшлар томонидан болалар ва аёлларга нисбатан куч ишлатиш, тазйиқ ўтказиш ва жинсий зўрлашни олқишлаш ва қўллаб-қувватлаш ҳолатлари аниқланган.
Қозоғистон ҳукумати АЭС қурилиши учун бештагача давлат компанияларини ўз ичига олган консорциум тузилишини маълум қилди. АЭС лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган сиёсий хавфлар ҳам кўриб чиқилади.