Толибон ҳукумати этник ўзбек Абдул Ғаффор Тиравийни Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинлади. Тиравий бунга қадар Афғонистон Олий судининг тадқиқот бўлими директори лавозимида фаолият кўрсатган.
Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакатда 630 мингга яқин ноқонуний муҳожир истиқомат қилишини маълум қилди. Уларнинг мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишлари учун 2025 йилда назорат қилинадиган шахсларнинг махсус реестри жорий этилади. Қайд этилишича, 2023 йилда РФда қонуний равишда бўлган меҳнат муҳожирлари сони 3,5 миллион кишидан ошмаган. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидир.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қозоғистон ҳукумати Балхаш кўли бўйида атом электр станцияси қуриш бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Референдум тахминан жорий йилнинг кузида ўтказилади. “Мамлакат ядро ёқилғиси ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини деярли якунлади ва кичик реакторлар билан ишлаш тажрибасига эга. Керакли кадрлар мавжуд, мутахассислар доимий равишда тайёрланмоқда”, – деди мамлакат бош вазири Олжас Бектенов.
Aйрим исломофоб, жамиятни иккига бўлмоқчи бўлаётган, ғараз ниятли, халқнинг миллий, тарихий, эътиқодий муқаддасотларини йўқ қилмоқчи бўлаётган радикал атеист ва радикал либерал жамоалари, ўзларининг асоссиз ва исботланмаган далиллари билан, онг ва тафаккурни захарлашмоқчи. Биз эса улар иддао қилаётган “фактлар”га илмий ва исботланган фактлар билан жавоб берамиз.
"Казатомпром" ва "Тожикистон Нодир металлар" ("ТажРедМет") компаниялари уран, нодир ва нодир ер металларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган англашув меморандумини имзолади. Компаниялар “уран ва бошқа нодир ер металларини қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш, тадқиқот ва ишланмалар, инновацион технологияларни жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш каби ташаббуслар бўйича ҳамкорликда ишлашни” режалаштирмоқда
Ўзбекистон мусулмонлари идораси олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига кириш тест натижалари (мандат) эълон қилинганини билдирди. Натижалардан норози бўлган абитуриентлар мандат эълон қилинганидан 24 соат ичида ҳужжат топширган таълим муассасасига апелляция беришлари мумкин. Апелляция жараёнлари Тошкентда бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш маркази "Умра" мавсуми 10 сентябрдан бошланишини маълум қилди. "Умра" дастурига кўра, зиёратчилар 3 кун Мадинада, 7 кун Маккада бўлишади.
Ўзбекистонликлар Мустақиллик байрами муносабати билан кетма-кет 4 кун - 31 августдан 4 сентябргача дам олишади. Мактаб, академик лицей, коллеж ва техникумларда дарслар 4 сентябрдан, олий таълим муассасаларида эса 9 сентябрдан бошланади.
Ўзбекистон тарихида биринчи марта имом-хатиблар юксак давлат мукофотига сазовор бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан уч нафар имом-хатиб “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланди.