Волгограддаги 19-сонли жазони ижро этиш муассасасида тўрт нафар ИШИД тарафдори бўлган маҳбус ғалаён кўтариб, бир қанча соқчиларни ўлдирди, айримларини асирга олди. Маҳбусларнинг икки нафари ўзбекистонлик, икки нафари тожикистонлик. Ярим соатлик штурм давомида асирлар озод қилинди, бир исёнчи ўлдирилди, икки нафари ярадор бўлди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолади. Шунингдек, томонлар авиақатновлар сонини ошириш, 20 та устувор йўналишни қамраб олган комплекс дастурни қабул қилиш, товар айибошлаш ҳажмини бир неча баробарга ошириш ва бошқаларга келишиб олди. Ўзбек-озарбайжон бизнес форумида умумий қиймати 2 миллиард доллардан зиёд истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Беларус президенти Александр Лукашенконинг “Россия” телеканалига берган интервьюсида Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қозоғистон ҳақидаги гаплари туфайли Беларуснинг Остонадаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Лукашенко ўз интервьюсида “Қозоғистонда нималардир рўй берганида, Хитой, Ҳиндистон ёки Покистондан эмас, Минск ва Москвадан ёрдам сўраганини иддао қилди. У интервьюда Ўзбекистонни ҳам тилга олди.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 22 август куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Тошкент халқаро аэропортида Озарбайжон раҳбарини Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги расмийлар кутиб олди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев давлат ташрифи билан Тожикистонга келди. Икки томонлама музокараларда давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни янада кенгайтириш, ўзаро савдо алоқасини 2 млрд долларга етказиш масалалари муҳокама қилинди. “Иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор ўсиш ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади”, — деди Тоқаев ташриф давомида.
Исроилга энергия ташувчиларини етказиб бераётган компания ва давлатлар Ғазодаги ҳарбий жиноятларга шерик сифатида айбланиши мумкин. Улар орасида Қозоғистон, Озарбайжон, Албания ва бошқа мамлакатлар бор.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон дипломатик миссияси раҳбари Муҳаммад Ур Раҳмон Раҳмонийни ишончли вакил сифатида аккредитациядан ўтказди. Бундан кўзланган мақсад икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат экани маълум қилинди.
2024 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг 1200 йиллиги кенг нишонланади. Жумладан, халқаро илмий конференция ва анжуман, кўргазмалар, танловлар ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларининг кўп жилдлик таржима ва шарҳи тайёрланиб, чоп этилади. Президент Шавкат Мирзиёев шу ҳақдаги қарорни имзолади.
Туркияда мактаб ўқувчиларининг етти ҳафталик ёзги Қуръон курслари якунига етди. Машғулотларда 2,5 миллион ўқувчи иштирок этди. Машғулотлар доирасида турли мусобақалар (ҳам диний, ҳам спорт бўйича) ташкил этилиб, энг муваффақиятли ўқувчиларга велосипед ва планшетлар совға қилинди.
Россия президенти Владимир Путин икки кунлик давлат ташрифи билан Бокуга келди. РФ ва Озарбайжон президентлари минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари, хусусан, Озарбайжон-Арманистон келишуви мавзуси бўйича фикр алмашмоқда. Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши ва қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.