Польша парламенти 1944 йилда қрим татарларининг депортация қилинишини геноцид акти деб тан олган резолюцияни қабул қилди. 1944 йил 18 майда Иосиф Сталин бошчилигидаги совет режими 200 мингдан зиёд қрим татарларини нацистлар билан ҳамкорликда айблаб, Марказий Осиё ва Сибирга сургун қилган. Мажбурий кўчирилганларнинг қарийб ярми сургуннинг оғир шароитларида очлик ва касалликдан вафот этган.
Ўзбекистонда биологик усулда етиштирилган пиёз Уммондаги лабораторияда 300 дан ортиқ агрозаҳарлардан ҳоли органик маҳсулот деб топилди. Деҳқоннинг маълум қилишича, пиёз етиштириш харажатлари анъанавий - кимёвий ўғит ва заҳарлар билан ишланадиган усулдагидан камроқ бўлган. Фақат ҳосил кам бўлгани ҳисобидан таннарх қимматроқ тушган. Биолог олим Бахтиёр Абдуғафур Ўзбекистон органик маҳсулотлар етиштириш борасида катта имкониятга эга эканлиги, улар экспортидан олинган даромад нефт-газ даромадидан юқори бўлишини таъкидлади.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон ислом молиясидан фойдаланиш бўйича етакчи ўринни эгаллайди. Минтақадаги барча исломий молиянинг 68 фоизи ушбу давлат ҳиссасига тўғри келмоқда. Экспертлар Марказий Осиё мамлакатларида исломий молияни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, келажакда ушбу секторнинг ўсишини таъкидламоқда
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) РФ таркибидаги Адигея Республикасининг Майкоп шаҳрида жойлашган православ черковига Марказий Осиё давлатларидан бирининг фуқароси ҳужум уюштиришни режалаштирганини маълум қилди. Унинг ҳужум режасини ишлаб чиққани, ҳудудда разведка ишларини олиб боргани ва зарур жиҳозларни сотиб олиб, қўлбола ёндирувчи мослама ясагани маълум қилинди.
Қозоғистон Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ўз мижозларидан 10 августгача Россия қимматли қоғозларини унинг ихтиёридан чиқариб олишни талаб қилди. Бунга АҚШ Ғазначилиги июнь ойида Москва биржаси ва Россия депозитарийсига қарши санкциялар киритгани сабаб қилиб кўрсатилди.
Ўзбекистон фуқароси "Вагнер" ХҲК сафида Украинада урушгани учун 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. У Россияда гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб 7 йил муддатга қамалган, сўнгра ХҲК билан шартнома имзолаб, муддатидан олдин озодликка чиқарилган ва жабҳага юборилган.
Қозоғистоннинг Каспий денгизи яқинидаги “Оймаша” полигони ва Токмак бурни яқинидаги ҳудудларда Марказий Осиёнинг тўрт давлати ҳамда Озарбайжон иштирокида «Бірлестік-2024» қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда. 4 мингга яқин ҳарбий хизматчи ва 700 тагача қурол ва техникалар жалб этиладиган машғулотларда ҳарбийлар, жумладан, “террорчилар томонидан босиб олинган оролни озод қилади” ҳамда “денгиз хавфсизлигини таъминлаш ва инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича амалиётлар ўтказади”.
Россия мусулмонлари диний бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари, Москва ислом институти ректори, илоҳиёт фанлари доктори Дамир Мухетдинов ниқоб РФ туб мусулмон халқлари учун тарихий анъанавий либос эканини таъкидлаб, Совет Иттифоқидан олдинги даврда татарлар ва Шимолий Кавказ халқлари орасида бу кийим кенг тарқалгани бўйича тарихий далилларни мисол тариқасида келтирди.
АҚШнинг Флорида штатидаги Канаверал бурнидан SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракета-ташувчиси ёрдамида Туркиянинг биринчи миллий ва маҳаллий Türksat 6A сунъий йўлдоши муваффақиятли учирилди. Türksat 6A ёрдамида турк сунъий йўлдошлари алоқа хизматларини кўрсатаётган ер юзи аҳолиси сони 3,5 миллирдандан 5 миллирд кишига кўпаяди.
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида илк бор иштирок этган Қибрис Турк Республикаси президенти Эрсин Татар 1974 йилда “Қибрис тинчлик ҳаракати” амалга оширилмаганида, ҳарбий хунта мусулмонларни оролдан батамом йўқ қилиб юборган, бугун у ерда турклар яшамаётган бўларди, деди.