Сўнгги ўн йилликда уруш ва инқирозлар туфайли мураккаб вазият ичида қолган Афғонистон Ислом Амирлиги ўртача иш ҳақида бўйича 205 долларлик кўрсаткич билан Тожикистон (169 доллар), Покистон (163 доллар), қарийб барча Африка мамлакатлари ва Венесуэлани (199 доллар) ҳам ортда қолдирди. Ўзбекистон эса 351 долларлик кўрсаткич билан Марказий Осиёда Қозоғистон ва Туркманистондан (мос равишда 673 ва 654 доллар) кейин учинчи ўринни эгаллади.
Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Қирғизистонда 112 минг кв.метр давлат ипотека уй-жойларини қуриш учун 79 миллион доллар ажратди. Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси 2024 йил 26 апрелда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида имзоланган "Шариат стандартлари бўйича арзон уй-жойларни молиялаштириш" лойиҳаси бўйича Қирғизистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасидаги кредит шартномаларини ратификация қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган.
Қирғизистон суди Россия қўшинлари сафида Украинадаги урушда иштирок этган мамлакат фуқаросига нисбатан ҳукм ўқиди. Фуқаро хорижий давлат ҳудудидаги қуролли можароларда иштирок этиш тўғрисидаги модда бўйича айбдор деб топилиб, беш муддатга қамалди. Собиқ ёлланма аскар ҳукмдан норози ва аллақачон апелляция аризасини топширган.
Ўзбекистонда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани ноқонуний диний таълим олишга жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси 25 июнь куни депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қонунчилик палатаси депутатлари чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартибини белгиловчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат билан давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, халқнинг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш шахсни Ўзбекистонда бўлишини номақбул деб топиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.
Озарбайжон пойтахтида қидирувдаги шахсни ушлаш чоғида отишма рўй берди. Натижада уч полициячи ва бир фуқаро ҳалок бўлди. Отишма содир этган шахснинг ўзи ҳам полиция томонидан отиб ўлдирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Дарбанд ва Маҳачқалъа шаҳарларида содир этилган қуролли ҳужум оқибатида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва фуқаролар қурбон бўлгани муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, чуқур ҳамдардлик билдирди. Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли ҳужум оқибатида 15 нафар полициячи ҳамда икки фуқаро ҳалок бўлган. Ушбу қуролли ҳужум ортидан Доғистонда уч кунлик мотам эълон қилинди.
Ишғолчиларнинг марказий статистика бюроси ҳисоботига кўра, Мисрнинг Исроилга экспорти ўтган йилга нисбатан икки бараварга ошган. Жумладан, май ойида Мисрнинг Исроилга етказиб берган маҳсулотлари қиймати 25 млн долларни ташкил этган. Фаластинликларнинг қирғини давом этаётганига қарамай, БАА ва Иорданиядан ҳам Исроилга экспорт ҳажми ошиб, савдо қиймати мос равишда 242 млн доллар ва 35,7 млн долларга етган.
Юнон оролларидан бирига дам олгани борган 17 нафар қозоғистонлик сайёҳ тасодифан ўрмонга ўт қўйиб юборишди. Дам олувчиларнинг ижарага олган яхтасидан қирғоқ бўйлаб отган мушаклари сабаб қарағайзор оловланган. Ёнғинни ўчиришга 3 та ўт ўчириш машинаси ва вертолёт жалб қилинган. Айни пайтда полиция ҳодиса учун жавобгар 13 кишини қўлга олгани айтилмоқда.
Москва ва Анқара муносабатлари яна янги инқироз ёқасида турибди: бунинг белгиси сифатида Россия етакчиси Владимир Путиннинг Туркияга ва шахсан президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон "манзили"га қарата айтган аччиқ гапларини келтириш мумкин. Июнь ойида Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Анқарани Киевга ҳарбий ёрдам бергани учун қоралади ва Эрдўғон бошчилигидаги ҳукумат Ғарб молия институтлари билан кўпроқ "ош-қатиқ" бўлаётганидан норозилигини ифодалади.