Расмий Анқаранинг Тель-Авив билан тўғридан-тўғри савдо алоқаларни тўхтатиш қарорига қарамай, турк компаниялари Греция каби учинчи давлатлар орқали Исроил билан савдо қилишда давом этяпти. Маълумотларга кўра, май ойида Туркиянинг Грецияга экспорти ўтган йилга нисбатан 71 фоизга ошиб, 375 миллион долларга етган.
23-26 июнь кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади. Олий мартабали меҳмон ташрифининг дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.
Япония Россияга қарши жазо чоралари доирасида Ўзбекистон, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон ва БАА компанияларини қора рўйхатга киритди. Санкция рўйхатига Ўзбекистондан электрон ва телекоммуникацион ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи Mvizion компанияси ҳам ўрин олди.
Кўплаб эътирозларга қарамай, Жиззахдаги Тузкон кўли яқинида Россия лойиҳаси асосида атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бошланди. Лойиҳа Ўзбекистон ва Россия томонидан 2017 йилдан бери муҳокама қилинади. Ниҳоят 2019 йилда Тузкон кўли яқинидаги майдонча танланган. Бу ерда катта АЭСдан ташқари, умумий қуввати 330 МВт бўлган кичик модулли реакторлар қуриш ҳам режалаштирилган. Росатом лойиҳанинг бош пудратчиси бўлиб, унга Ўзбекистон компаниялари ёрдам беради.
Ўзбекистонлик ҳожилар 22 июнь-12 июль кунлари мамлакатга қайтади. Жиддадан 10 та ҳудуд – Тошкент, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Термиз, Навоий, Нукус ва Урганч шаҳарларига тўғридан-тўғри “Uzbekistan Airways” авиқатновлари йўлга қўйилади.
Хитой уйғурлар ва бошқа туркий халқлар истиқомат қиладиган аҳоли пунктлари номларини ҳукумат ташвиқотини акс эттирувчи номларга ўзгартирмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, шу вақтга қадар туркий ёки исломга алоқадор бўлган 630 та қишлоқ номи ўзгартирилган.
Қозоғистон Украина бўйича саммитда иштирок этмаганини "қўшни давлат халқаро тадбирлар жадвали тиғизлиги" билан боғлади. ТИВ вакили расмий Остонанинг якуний декларацияга қўшилиш имкониятлари ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, "саммитда иштирок этмагани учун бу борада ҳеч нима дея олмаслиги"ни қўшимча қилди.
Россия Қозоғистонда рус мактабларини қуриш бўйича келишувга эришди. РФ Давлат думаси раисининг биринчи ўринбосари Александр Жуковга кўра, мамлакатда учта мактаб қурилиши бўйича лойиҳа тасдиқланган. Маълумот учун, жорий йилнинг февралида Россия президенти Владимир Путин Федерал Мажлисга қилган мурожаатида хорижда рус тилини тарғиб қилишни кучайтиришни буюрганди.
Германия ҳукумати қочқин мақомини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган афғонларни Толибон билан тўғридан тўғри келишувларсиз ортга қайтармоқчи. "Spiegel" журналининг ёзишича, афғонлар Тошкентдан Kam Air хусусий авиакомпанияси орқали Кобулга етказилиши мумкин. Маълумот учун, Германияда бошпана олиш ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирларни чиқариб юбориш масаласи афғон фуқароси Мангеймда Исломни танқид қилувчи ташкилот митингига ҳужум қилганидан кейин яна кун тартибига қайтган эди.
Туркия бугун Парижда бошланадиган Европанинг энг йирик мудофаа саноати кўргазмаларидан бири – Eurosatory'да биринчи марта ўзининг ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган зирҳли транспорт воситаси – ALPAR'ни намойиш этади. Унинг максимал оғирлиги 15 тонна бўлиб, гибрид электр қуввати туфайли ҳарбий машина шовқинсиз ҳаракатланиш имкониятига эга. Автоном транспорт воситаси душман ёки террорчи позицияларига қарата ўт очиши, душман техникалари ёки объектларини асосий қуроллар ёки бошқариладиган ракеталар ёрдамида йўқ қилиши мумкин.