Ўзбекистон ва Саудия Арабистони бош прокурорлари икки мамлакат ўртасида тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича меморандумни имзолади. Келишув терроризм ва уни молиялаштириш, ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши ҳамкорликни ўз ичига олади.
Президент Шавкат Мирзиёев урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини таъкидлади. Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилиш нияти билдирилди.
Қибрайда Комил Алламжоновнинг автомашинаси ўққа тутилиши ортидаги можаролар ҳамон тингани йўқ. Вазиятга ҳатто Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг шахсан ўзи аралашди. У мазкур суиқасдни уюштиришда "қўли йўқлиги", мабодо аралашадиган бўлса "ишни охиригача етказиши ва 100% натижага эришиши"ни ҳам қўшимча қилди. Охирги пайтда Россия президенти Владимир Путиннинг "хизматкорлари" Ўзбекистоннинг ички ишларига тап тортмасдан аралашаётгани бизни хавотирга солиши керак эмасми? Уларни тийиб қўядиган пайт келмадимикин?
Шавкат Мирзиёев Ғазо ва Ливандаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда Яқин Шарқдаги можарога ечим топишга бағишланган Араб-ислом саммитида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига учиб кетди. Шунингдек, президент Озарбайжонда 12−13 ноябрь кунлари Озарбайжонда бўлиб ўтадиган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида ҳам қатнашади.
Ғазо қирғинида Исроилни дастаклаганликда айбланаётган Coca-Cola компаниясининг Туркия ва Покистондаги савдоси бойкотлар сабабли мос равишда 12,2 ва 22,9 фоизга қисқарди.
Озарбайжонда Шуша шаҳри Арманистон ишғолидан озод қилинган 8 ноябрда Ғалаба куни сифатида нигонланади. 2020 йилнинг 27 сентябридан 9 ноябрига қадар давом этган 44 кунлик урушда Озарбайжон армияси 5 та шаҳар, 4 та шаҳарча, 286 дан ортиқ қишлоқ ҳамда стратегик аҳамиятга эга қатор ҳудудларни озод қилган эди.
Шарқий Туркистонда 2014 йилги воқеалар ортидан қўшниларига Қуръони каримни ўргатган аёл 10 йил муддатга қамалганди. Жазо муддати тугаганидан сўнг озодликка чиққан аёл яна ушланиб, "Қуръон ўқитиш орқали Хитойни парчалаш" айби билан 14 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Ўзбекистонда маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Маърифий фаолият нима, ушбу фаолият билан кимларнинг шуғулланиши тақиқланди, қандай жазо чоралари белгиланди?
Бишкекда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари саммитида тузилманинг янги байроғи қабул қилинди. Унда Салжуқийлар юлдузи ёки ўғузлар юлдузи номи билан машҳур саккиз қиррали юлдуз эски байроқдаги ой, юлдуз ва қуёш тасвирларини ўз ичига олган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга АҚШ президенти сайловида ғалаба қозонгани муносабати билан табрик йўллади. У Трампни Ўзбекистонга таклиф қилди.