Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев дунёда турли хатар ва таҳдидлар авж олиб бораётган ҳозирги шароитда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга эътибор янада кучайтирилишини маълум қилди. У халқнинг тинч ва эркин ҳаётини асраш энг муҳим вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Medicare ва Medicaid федерал соғлиқни сақлаш хизматлари директори лавозимига келиб чиқиши туркиялик бўлган шифокор Меҳмет Ўз номзодини илгари сурди. Трамп Америка соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий инқирозга дуч келганини ва бу муаммолар билан шуғулланиш учун Ўздан кўра малакали шифокор йўқлигини айтди.
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши келиннинг оиласига бериладиган қалин пулини маҳрга тенглаштириш тўғрисида фатво чиқарди. Шунингдек, куёв томонидан бериладиган "она сути", "ота меҳнати" каби тўловлар мажбурий эмас деб топилди. Мазкур қарор никоҳдан ўтаётган ёшларга нисбатан молиявий юкни камайтириш ва урф-одатларни исломий меъёрларга мослаштириш мақсадида қабул қилинди.
Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан 2025 йилда туркий дунёнинг маданий пойтахти деб эълон қилинди. Ушбу фахрий унвонга 2024 йилда Туркманистоннинг Анау шаҳри эгалик қилди. Йил давомида Ақтауда турли халқаро тадбирлар, фестивал, анжуман ва бошқалар ўтказилади.
Арманистон томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ҳарбийлаштириш сиёсати, жумладан ҳинд ва француз қуроллари сотиб олинаётгани туфайли Озарбайжон ўз мудофаа бюджетини 2 миллиард долларга оширди.
Қозоғистон бутун дунёдаги "рақамли кўчманчилар" - масофадан ишловчи ахборот технологиялари мутахассислари, бизнес-муҳожирлар ва саёҳатчилар учун виза талабларини соддалаштирди. Янги чора-тадбирлар 18 ноябрдан кучга кирди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида муштарак алифбо лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилгач, муштарак мадҳия ва умумий бадиий луғат лойиҳалари устида иш бошланди. Умумий мадҳия туркий халқлар тарихидан илҳом олиб тайёрланади ҳамда барча учун тушунарли ва маъноли бўлади.
Тошкентда Ўзбекистон президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, шунингдек, олимлар, миллий маданият марказлари, турли конфессия етакчилари, этник-маданий бирлашмалар иштирокида диний бағрикенгликка бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Шимолий Кипр Турк Республикасида ҳозирда 20 мингга яқин рус ва украиналиклар истиқомат қилади. Кўпчилик руслар Ғарб санкциялари туфайли оролнинг православ юнон қисмидан мусулмонлар қисмига кўчиб ўтмоқда.
Қозоғистон мамлакатдаги барча электр энергиясининг қарийб 70 фоизини таъминлайдиган кўмир электр станцияларини босқичма-босқич ёпишга қарор қилди. Бу иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлиб, Бокуда бўлиб ўтган СОP-29да ОТБ ва Қозоғистон энергетика вазирлиги ўртасида меморандум имзоланди. Ушбу ташаббус доирасида кўмирда ишлайдиган айрим иссиқлик электр станцияларини муддатидан олдин фойдаланишдан чиқариш режалаштирилган.