Кветта шаҳрида «Жамиат Уламои-Ислом» етакчиси муфтий Абдул Боқий Нурзай номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилди. Охирги ойларда Ислом олимларига қарши суиқасдлар кўпайгани маълум қилинмоқда. Ҳукуматдан эса, тезкор чоралар кўриш талаб этилмоқда.
Украина армияси катта йўқотишларга учраб, стратегик ҳудудларни бой берди. Путин Курскда ҳарбий раҳбарлар билан учрашиб, Украина қўшинларига фақат икки танлов қолганини маълум қилди: таслим бўлиш ёки тўлиқ тор-мор этилиш. Россия қўшинлари ҳужумни давом эттириб, вилоятдаги сўнгги қаршилик нуқталарини йўқ қилмоқда. Ҳозир Курск Украина учун йўқотилган фронтга айланди.
ҲАМАС ҳаракати Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳукумати Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаганини кескин қоралаб, бу ҳаракатни “геноцид уруши” деб атади. Баёнотда халқаро ташкилотлар зудлик билан чора кўриши талаб қилинди. ҲАМАС шунингдек, исроилнинг келишувни бузгани учун жавобгарликка тортилиши ва Ғазо секторидан босқинчи кучлар зудлик билан олиб чиқилиши кераклигини таъкидлади.
Исроил армияси Ғазога кенг кўламли зарбаларни қайта бошлади. Ҳужумлар 200 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлди, қурбонлар орасида болалар ҳам бор. Оқ уй бу операцияларни қўллаб-қувватлаб, Исроил ҳаракатлари Вашингтон билан мувофиқлаштирилганини тасдиқлади. “Жаҳаннам эшиклари очилади”, дея таҳдид қилди АҚШ маъмурияти вакили.
Европа Иттифоқи ва қатор давлатлар Сурияни тиклаш учун катта маблағ ажратмоқда. Озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш ва таълимга йўналтирилган миллиардлаб евро инсонлар ҳаётини яхшилашга қаратилган.
Ҳиндистон куч ишлатар тузилмалари Кашмирда Қуръон ва ҳадис тўпламларини мусодара қилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар бу ҳаракатни инсон ҳуқуқларини қўпол бузиш деб баҳолади. Кашмирликлар эса бу чораларни дин ва маданиятни йўқ қилишга қаратилган тартиббузарлик сифатида кўрмоқда.
Европа ва Канадада Америка маҳсулотларига нисбатан бойкот тобора авж олмоқда. Истеъмолчилар McDonald's, Tesla ва WhatsApp каби брендлардан воз кечиб, маҳаллий маҳсулотларни қўллаб-қувватлашга ўтишмоқда. Шунингдек, АҚШ компаниялари билан янги шартномалар тузиш мутлақо тўхтатилган.
Ғазода қонли қирғин давом этаётган бир пайтда, қатор араб давлатлари Исроил билан савдо айланмасини кескин оширди. Расмий баёнотларда Фаластинга ҳамдардлик билдирилса-да, амалий жиҳатдан муносабатлар тобора мустаҳкамланмоқда.
Жанубий Кореяда 17 нафар фуқаро бир вақтнинг ўзида Исломни қабул қилди. Улар масжидда махсус курсларни тугатиб, сўнг, шаҳодат калимасини айтдилар. Кореяда мусулмонлар сони ошиб бормоқда, улар орасида машҳур қўшиқчи ва блогер Довуд Ким ҳам бор.
Яман қуролли кучлари Қизил денгизда АҚШнинг USS Harry Truman авиа ташувчи кемаси ва унинг эскорт кемаларига қарши йирик ҳужум уюштирганини эълон қилди. Бу ҳаракат Вашингтоннинг Яманга қарши ҳаво зарбаларидан кейинги жавоб сифатида баҳоланмоқда. 18 та баллистик ва қанотли ракеталар, дронлар ва денгиз бўлинмалари орқали амалга оширилган ушбу ҳужум минтақадаги кескинликни янада кучайтириши мумкин. Яман армияси барча Америка ҳарбий кемаларини нишонга олишни давом эттиришини маълум қилди.