Ливерпул футбол клубининг Премьер-Лигадаги чемпионлик шарафига уюштирилган қутлов паради вақтида бир автомобиль одамлар орасига бостириб борди. Полиция 53 ёшли оқ танли инглиз эркакни қўлга олди. Ҳодиса теракт сифатида баҳоланмади.
ҲАМАС Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткоффнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифига рози бўлди, деб ёзмоқда Reuters. Янги таклиф гаровга олинган ўн кишини озод қилиш ва 70 кунлик сулҳни кўзда тутади.
Афғонистон ҳукумати Россия ва Хитой билан долларсиз, миллий валюталарда савдо қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Руслар билан музокаралар илғор босқичда. Ўзаро ҳисоб-китобларнинг рубль ва афғонийда амалга оширилиши механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Хитой билан ҳам шунга ўхшаш таклифлар илгари сурилган ва Кобулдаги Хитой элчихонаси билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилиб, вазиятни ўрганишга киришилган.
Интернетда тарқалган видеоларда аксари болалардан иборат ёниб кетган жасадлар ва аланга ичидаги муҳитда ёрдам сўраётган одамлар кўринади. Душанба куни тонгда исроилнинг икки ҳаво ҳужуми оқибатида Ғазо шаҳри ва шимолий Ғазодаги Жабалияда жойлашган бошпана ва уйлар нишонга олинди. Унда камида 49 фаластинлик ҳалок бўлди. Anadolu агентлигига шифокор манбалар маълум қилишича, Фаҳмий ал-Жиржавий мактабига қилинган ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлганлар сони 30 нафарга етган. Бу мактаб Ғазо шаҳрининг ал-Дараж туманида жойлашган, кўчирилган аҳолига бошпана сифатида хизмат қилаётган эди.
Сурия собиқ президенти Башар Асад бошқаруви даврида махсус хизматлар тахминан саккиз миллион кишини кузатган, қидирган ёки улар ҳақида маълумот тўплаган. Бу кўрсаткич Сурия халқининг деярли учдан бир қисмини ташкил этади.
Испаниянинг уч фуқароси – Абдулқодир Ҳарқасси, Абдуллоҳ Эрнандес ва Ториқ Родригес андалусияликлар 500 йил аввал босиб ўтган қадимий йўлни 7 ой давомида босиб ўтиб, Маккага етиб боришди. Улар 7 минг км масофа ҳамда 11 давлатни кесиб ўтган.
Ғазодаги зўравонлик ва инсон ҳуқуқлари бузилишларини тергов қилиш мақсадида “Ғазо трибунали” деб номланган мустақил халқаро ташаббус ишга туширилди. Трибунал ўзининг илк очиқ мажлисларини 26–29 май кунлари Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевода ўтказади.
АҚШнинг Техас штати Остин шаҳридаги Нуэсес масжиди, Исломий Аҳли Байт уюшмаси (IABA) ва Остин Дин ишлари марказига тегишли баннерлар ва кириш эшиклари атрофига Довуд юлдузи каби рамзлар чизиб кетилди.
Дам олиш кунлари Россия Украина минтақалари бўйлаб ҳар хил турдаги 367 та ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари билан ҳужум қилган. Бу ҳужумлар уруш бошланганидан бери украин шаҳарларига қилинган энг йирик ҳаво ҳужуми сифатида қайд этилган. 12 кишининг ҳалок бўлгани, 60 дан зиёд украиналик жароҳатланган.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг ҳокимиятдаги Ликуд партияси вакили Амит Ҳалеви ҳукуматни кескин танқид қилди. У «ҳукумат ҲАМАСни енголмаяпти, тузилган режалар етарли эмас», деди. У, шунингдек, мудофаа вазири Катз фаолиятини ҳам танқид остига олди.